Structure of the Council

Bo'sh sudyalik lavozimlariga tanlov o'tkazish tartibi

Umumiy qoidalar

1.1. Ушбу Тартиб суд тизимида мавжуд бўш судьялик лавозимлари (туманлараро, туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар, ҳарбий судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини) учун танловни ўтказиш ҳамда танловда иштирок этиш тартибини белгилайди.

1.2. Судьялик лавозимларига танлов муқобиллик асосида ўтказилади.

Бўш судьялик лавозимига танловда камида икки нафар номзод иштирок этганда у муқобиллик асосида ўтказилган ҳисобланади.

Эълон қилинган бўш судьялик лавозимига бир нафар номзод ариза берган тақдирда танлов ўтказилмайди. Такрор ўтказилган айнан шу бўш судьялик лавозимига бошқа ариза келиб тушмаган тақдирда танловни муқобиллик асосида ўтказмасликка йўл қўйилади.

1.3. Ушбу Тартиб:

а) илк бор судьялик лавозимига тайинлаш;

б) амалдаги судьяларни бошқа судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш);

в) раҳбар судьялик лавозимига тайинлаш;

г) юқори турувчи судларга судья этиб тайинлаш (сайлаш) билан боғлиқ танловларга татбиқ этилади.

1.4. Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1-босқичда танлов эълон қилинади;

2-босқичда танловда иштирок этиш учун тақдим этилган аризалар сони эълон қилинади;

3-босқичда номзодлар ўрганилади ва Кенгаш мажлиси ўтказилади;

4-босқичда Кенгаш қарори эълон қилинади.

1.5. Мавжуд бўш судьялик лавозимларига оид маълумотлар ва танловда иштирок этиш тартиби, шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.