Yangiliklar

“Ҳуқуқ фанидан дарс” эмас, қонуний ва асослантирилган жавоб!

Лекин, 2026 йил 12 май куни мазкур блогда “озодликка чиқарилиши керак бўлган судланувчини фалончи судья ҳеч бир қонуний асос ва эҳтиёжсиз қамоқда ушлаб” турганлиги юзасидан “Судьялар олий кенгашига шикоят қилсанг, “Судьялар мустақил, биз уларнинг қарор қабул қилиши масаласига асло аралаша олмаймиз”-деб сенга конституциявий ҳуқуқ фанидан дарс ўтишади” таҳририда бирёқлама, нохолис, кинояли тарзда материал жойлаштирилди. Ушбу тарқатилган ахборотга жавоб сифатида қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

          биринчидан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда Кенгашнинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланган бўлиб, унга кўра Кенгаш бирон бир судьянинг муайян суд иши юзасидан чиқарилган суд ҳужжатининг қонунийлигига баҳо бермайди;

          иккинчидан, Ўзбекистон Конституциясида судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бирон бир тарзда аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги тўғрисидаги конституциявий қоида белгиланган.

          Бу конституциявий ҳуқуқ фанидан сабоқ эмас, Асосий қонун – Конституциянинг талаби!