Sudyalar korpusi

Sudyalar odobi kodeksi

2-модда. Судьянинг хулқ-атворига доир умумий талаблар

Судья одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.  Ушбу Кодексга риоя этиш судьянинг қалб амри, ҳаётининг қоидаси бўлиши, жамиятнинг суд тизимига, одил судлов малакали, мустақил, холис ва адолатли тарзда амалга оширилаётганлигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашиши керак.  Судья ўз ваколатларини амалга оширишида унга таъсир ўтказилганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга йўл қўядиган ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этмаслиги ёки бошқа шахсларга шундай ҳаракатларни содир этиши учун имкон яратиб бермаслиги зарур.  Судьяда қасамёдга содиқлик, ҳалоллик, қатъият, матонат, фаҳм-фаросат ва илмга чанқоқлик каби хислатлар бўлиши шарт.  Судья миллатлараро тотувликни қадрлаши, миллий урф-одат ва қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим.  Хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги, кўрилаётган ишнинг якунидан ғаразли ёки ўзгача тарзда манфаатдор эканлиги ҳақидаги ошкора айбловларга нисбатан судья тегишли чоралар кўриши лозим.  Судья фикрлаш ва сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги керак.